воскресенье, 1 марта 2015 г.

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН...

Қаландарман... хажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени қўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Рухим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман қачон?!

Чорлайверар мени бетиним,
Сени десам кўнглим ўсади.
Дунёлардан кечаман десам,
Йўлларимни гуноҳ тўсади.

Мен – Ўзингга тегишли ижод,
Юрагимга ишқинг кўчиргин,
Меҳринг билан этгансан бунёд,
Хатоларим бўлса, кечиргин.

Муҳаббатим фақат Сенга ҳос,
Томиримда ишқ оқар жўшиб.
Феълим учун қилма эътироз,
Яратгансан лойимга қўшиб:

Сув – кўнглимдан оққан томчилар,
Хаво – кўкка талпинар руҳдир
Тупроқ – ерга боғланган таним ,
Олов – қалбим ёқгувчи чўғдир

Кечам сабоқ, эртам таваккал,
Бугун Хаққа интилган  бахтман.
Таним фақат дилнинг масжиди,
Мен вужудга ўралган қалбман.

Сени топсам ўзимдан кечиб
Висолингга етганим –  қадр.
Кўнглимдаги тилимга кўчиб
Руҳинг дилни сўзлатар дадил:

Самандарман! Ҳажрингда ёниб
Айрилиққа қолмади тоқат.
Кетаяпман дунёдан тониб,
Мен ошиқман Ўзингга фақат!

Комментариев нет:

Отправить комментарий