вторник, 17 ноября 2015 г.

МЕНИ ХОИН ДЕБ АТАНГ!

 Мен Онаман.
Ҳар бир инсон фарзандлигини ҳис қиламан. Қайси она фарзандининг қийин аҳволдалигини кўриб индамай қараб туради?!
Бугун миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияда қийин аҳволда. Айни ўқийдиган, талабалик гаштини сурадиган даврида ўзларининг тўйи учун 12 соатлаб оғир шароитларда ишлаяпти. Айни дўстлари билан ўйнаб-куладиган ёшида совуқ ўлкаларда тер тўкиб, топган пулини рўзғорини бутлашга сарфлаяпти.  Умрининг энг гуллаган чоғларини мусофирчиликда армон билан, соғинч билан, ўкинч билан ўтказишаяпти.
Улар ҳақида ёзган одамни хоинга чиқараётганлар, айтинг: 17 дан 35 ёшингизгача сизнинг ҳаётингиз қандай кечган?


вторник, 20 октября 2015 г.

Кузги гулим

Куз интиҳога ҳисобот терар...
Шу  чоғда сен билан туташди йўлим.
Дилимга кўкламнинг умидин берар
Ҳазонлар фаслида гуллаган гулим...

Юракка чўғ тушди олов фаслида
Ёндию атрофга сочилди кулим.
Қонимга сариқ ранг берган аслида
Тўзонлар фаслида гуллаган гулим.

Кунларнинг шукуҳи, завқи ўзгача,
Кўзимни қувнатар бу фасли сўлим
Айланиб борадир равон сўзгача.
Мезонлар фаслида гуллаган гулим

Юракка кузмонанд бир ғайрат берди,
Ёзмасам ёрилиб кетади дилим.
Саҳарги садога тенг ҳайрат берди

Азонлар фаслида гуллаган гулим!

четверг, 11 июня 2015 г.

ҚИЗИҚМИЗ...

 “Мен ҳеч кимга керакмасман”  деймиз, ҳақиқатда эса биргина инсонга кераксиз бўлсак.

“Ўзим  уддалайман” деймиз, ёрдам сўрагани тортинганимизда.

 “Ҳеч нима керакмас” деймиз, хоҳлаган нарсамизга эриша олмаганимизда.

среда, 3 июня 2015 г.

ИЛТИМОС, ХУДОЙИМ...

Ортиб кетди яна менинг гуноҳим,
Кимга ёриламан, Ўзингдан бошқа?!
Битта таскинингга зорман, Илоҳим,
Малҳам йўқ қалбимга сўзингдан бошқа.

Билмайман, жой борми менга аршингда,
Ўзимни беҳиштга чоғламоқчиман.
Илтимос, Худойим, ҳозир қаршингда
Озгина ўзимни оқламоқчиман...

пятница, 24 апреля 2015 г.

МЕН ҲАЁТНИ ТАНЛАДИМ

Ва дориларсиз яшашни ҳам
Яшаш ишқи солар қалбга чўғ,
Дилни ёқар иштиёқ бирам.
Ҳа, умрдан буюк неъмат йўқ,
Тирикликни ўзи бир байрам!
Ҳаётни яхши кўраман...
Бунга сабаб кўп. Аммо бу туйғуни ҳис қилишим учун унинг чинакам пасту баландликларини бошимдан кечиришимга тўғри келган. Фикрларимга ҳаёт йўллари меникига ўхшаш инсонларнинг таъсири бор, лекин ўз ҳаётий тажрибам, ўз кечинмаларим, ўз хулосаларим асосида ёзаман. Уларни билдира олиш учун шукрки, қаламим бор. Умуман, берилган  барча тортиқларни жуда қадрлайман.
Чунки уларни менга Аллоҳ берган...

Кимёвий авлод
“Тузалмайдиган касаллик йўқ, тузалмайдиган одамлар бор”
Инсон табиий туғилади. Тиши ҳам табиий чиқади, табиий равишда тилга киради, ўзи қадам ташлай бошлайди, ўзи юради. Оч қолиши, еганини чиқаришигача табиий.
Ҳа, ҳаммаси табиий жараёнлар: вояга етиши, вужудидаги ўзгаришлар, етуклик, куч-қувват ва ҳаракатлар. Жуфтлик эҳтиёжию насл қолдиришигача.
Табиий равишда яна бари ортга қайтади: соч тўкилади, тиш тушади... Ўз вазифасини бажариб бўлган вужуд табиий равишда жон таслим қилади.
Бу азалдан инсоннинг вужуд даражасида ҳаётдаги йўли.
Айтинг-чи, биронтасида дори-дармон иштирок этдими? Қайсидир жараён тиббиёт иштирокисиз рўй бермай қолиши мумкинми? Йўқ!
Унда қандай қилиб инсоният ҳозирги даражада дори-дармонга боғланиб қолди?!
Дори билан яшаса, қувват йиғса, дори билан нафас олиб, дори билан тинчланса. Дори билан иштаҳасини очиб, дори билан ичини юриштирса, дори билан ётса, уйғонганида дорию, дорисиз ухлай олмаса. Сунъий уруғлантиришу, туғилиш тиғ билан...
Табиий ҳаёт қаерга йўқолди?
Аҳвол шу зайлда давом этаверса, авлодларимиз сунъий бўладими ёки кимёвий?!

четверг, 2 апреля 2015 г.

“ТУР ЎРНИНГДАН” ЁКИ “ЖАНОБ, ТУРИНГ”!

Яна ҳам аниқроғи: қаранг, товуқлар нега жанубга қараб учаяпти?

СЎЗ...  ЙЎҒ-Е, БИТИКБОШИ:
Уйғониш ҳам икки хил бўлади: баъзилар яхши гапга дарров кўз очади,  баъзиларни уйғотиш учун яхшигина тепки керак. Сиз қайси тоифадасиз?

МУДДАО
Аслида мавзуни мухтасар қилиб туртки десам тўғрироқ бўларди-ю, у унча-мунча одамни қимирлатиши қийин. Гоҳида одам бир жойда қотиб қолса, турткидан кўра, тепки фойдалироқ.  Анчадан бери бора олмаётган жойингизга дўстингизми, душманингизми (аслида душманнинг ўзи йўқ ҳаётда, ҳар бир инсон бизга дарс берувчи) яхшилаб бир тепса борми, сапчиб учиб муддатидан олдин кўзлаган мақсадингизга етиб қоласиз.

суббота, 7 марта 2015 г.

Ҳақнинг заррасиман...

Ҳақнинг заррасиман, Ҳаввонинг насли
Сийланганим шу-да, аёлман бекам
Бахт шудир иккала дунёда асли –
Пойимга жаннатни тўшаган Эгам.

Яратгач, Ўзидан берди қатра нур
Қалбимга оташдай меҳрни қўшган
Аёллигим ўзи – энг олий сурур,
Томирда қониммас, муҳаббат жўшган.

воскресенье, 1 марта 2015 г.

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН...

Қаландарман... хажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени қўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Рухим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман қачон?!

вторник, 24 февраля 2015 г.

ОЛИСДАГИ ЯҚИНИМ

Устозим Назиржон акага бағишлов.

“Ер юмалоқ” деди у киши. Ҳайрат билан жилмайдим.
У билан суҳбатлашсам, руҳим қувват оларди.
Илк бор қўлимга Ғаззолийнинг китобини тутқазди, Навоийнинг гўзал байту ғазалларини келтирди. Гўё осмонда учардим, ўз оламимда яшардим мен. Қалбим билан руҳимнинг хоҳишини бераётганимдан бахтли эдим...

воскресенье, 18 января 2015 г.

ҚИШ...


Таъсирини қилди ишқимизга ҳам
Орамизни совутиб қўйди.
“Яхшиликка”, дея иккимизга ҳам
Кўнглимизни овутиб қўйди...

Илиқ сўзлар гапирмай қўйдик,
Кунлар салқин бўлгандан бери
Кўришсак ҳам, қовоқни уйдик
Кўкка булут тўлгандан бери

ИШҚ СОНАТАСИ


- Бу куйнинг номи нима?
- «Илк бора».
- Номи ҳам яхши экан: «Илк бора». Илк туйғуларингни ёдга соларкан. Қўл ушлашиш, девордан ошиш, ҳаяжон буларнинг ҳаммаси менда илк бора бўлаяпти

Сизнинг-чи, илк туйғуларингиз ёдингиздами?! Илк бора дил изҳори ёзилган мактуб олганингиз, ҳаяжондан юзларингиз лов-лов ёниб ўқиганингиз, бармоқларингиз титраб жавоб хати ёзганингиз, аммо бергани ҳам ийманиб йиртиб ташлаганингиз, сўнг майдаланган қоғоз парчаларига қараб йиғлаганингиз, илк бора совға қилинган суратлар, сурат орқасидаги сирли ёзувлар, шу каби ойдин хотиралар...  ёдингиздадир?!

четверг, 8 января 2015 г.

Оппоқ қорга айлансам қани...

Оппок қорга айлансам қани
Аршдан тушиб орзунг кулдирсам
Эрта тонгдан нигоҳинг тушса,
Вужудингни завққа тўлдирсам!

Қўлларингга олсанг ҳовучлаб
Эриб кетсам меҳринг тафтидан.
Юзларимга аста қўйсанг лаб,
Сўнг сирғалиб оқсам кафтингдан...