воскресенье, 16 марта 2014 г.

“Менинг онам Россияда”

Ёҳуд меҳрга муҳтож болалар ва сабри дарё муҳожирлар

 “Болалар уйининг боласи асфальтга она суратини чизди ва унинг бағрига кириб ётди.  Онага хурмат сабаб хатто пойафзалини ечди”.
Ҳар қандай бағритош инсоннинг юрагини эзадиган даражадаги бу сурат интернет тармоқларида юқоридаги изоҳ билан машҳур бўлди. Аммо кўп ўтмай, изоҳнинг асоссизлиги маълум бўлди.
Эронлик фотограф Баҳореҳ Бишех ўз зеҳни билан оддий бир манзарадан таъсирли ҳолат чиқара олди. Суратдаги қизча Баҳореҳнинг жияни. У  ҳовлида узоқ вақт ўйнаб чарчайди ва шундоқ ерга ётиб ухлаб қолади. Сураткаш бу пайтни дарров  экранига муҳрлади.
Аслида гап сурат кимникилигида эмас. Бу суратни илк изоҳ билан фейсбук тармоғида кўрганимда жуда таъсирлангандим. Илк бор Москвага келган пайтларимда 2 синфда ўқийдиган ўғлим ёзган смс ёдимга тушди: “Ухлагани кўзимни юмсам, сизни кўраяпман, ойижон. Нима қилай?”...
 Мендан олдин ёзилган юзлаб изоҳларнинг кечинмалари меникиданда зиёдроқлиги меҳрга муҳтож болакай суратига ҳеч ким бефарқ қараб тура олмаганини кўрсатиб турарди. Ҳиссиётларимни яширолмай изоҳ ёздим:
“Бугун оналари Россияда ишлаётган ўзбекистонлик болаларнинг ҳам соғинчлари ва кечинмалари шу болакайникидан ҳеч ҳам кам эмас”...
 Шу билан бу мавзу бироз унутилгандек эди. Аммо 19 февраль куни тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ўқиб, ўзбекистонлик болалар мавзусига тўхталишга қарор қилдим. 
Ёзилишича, “дастурда аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган”.
Чора тадбирлар билан ҳам танишиб чиқдим. Аммо мен кўришни истаган банд ёки бўлимни топа олмадим.
Болаларнинг жисмоний соғлигини учун тиббиёт, спорт ёки шу кабилар билан таъминлаш мумкин. Аммо руҳий саломатлиги-чи? Дастурда келтирилган тадбиру уринишлар ўзбекистонлик барча болалар учун эмас. Масалан, ота-онаси Россияда ишлаётган болаларнинг руҳий соғлигини тўла таъминлаш мумкин эмас. Ҳеч бўлмаса, онаси ёнида бўлмаган бола руҳан баркамол эмас.
Бугунги кунда Россияда 5 млн дан 8 млн нафаргача бўлган ўзбеклар ишлаяпти. Шундан тахминан 2 млн га яқини аёллардир. Уларнинг қанчаси боласини уйга ташлаб келган аёллар эканлиги ҳақида аниқ рақам йўқ. Аммо кузатишларимдан келиб чиқиб, тенг ярми деб олганимда ҳам, Ўзбекистонда 1 млн дан зиёд бола она меҳрига тўймай ўсаяпти. Оилада биттадан бўлганда миллион бола, иккитадан бўлса, икки миллион бола тирик етимдек.
“Ота-оналар мажлисига борсам, ҳамма бувилар келган, - дейди ойим. - Яхшиямки, ўқувчиларни кўпчилигини ота-онаси Россияда, болалар ўксинмайди”
Бу ўксинарли эмас, ачинарли ҳол.  Ота-она бўла туриб меҳрга зор ўсиш бола психикасига қандай таъсир қилишини мутахассислар ёза қолсин. Аммо ёзишмаганда ҳам  хис қилдик буни.
Дейлик, она ишлагани кетаётганда боласини ўзи билан олиб кетди. Аммо Россия мактаблари муҳожир боласини қабул қилишни исташмайди.  Ўндан бири қабул қилганда ҳам, бола миллатчилик сабаб нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларни ўзи томонидан ҳам турткиланиши турган гап. Рус тилини билмаса, дард устига чипқон.
Ижара уйларда эса боланинг ўқиб тарбия олиши учун етарли тугул, тайинли шароитнинг ўзи йўқ. Бир хонада турли 5-10 нафардан одам яшайдиган ижара турар жойлардаги муҳитни тасаввур қилаверинг.
Бухоролик таниш аёл қизини шу ерда катта қилаётганди. Ҳар куни кечки пайт 5 ёшли қизчани қараб туришга фаррош йигитчаларга бериб ўзи дўкон ювгани кетарди. Бир куни қўшни хонадаги аёл онаси ишдалигида гўдак қизчага шу йигитчалар тегиниб ўтирганини кўриб қолибди. Буни эшитиб она қай аҳволга тушди, кўп ўтмай қизини кекса онасининг уйига олиб бориб қўйиб келди.
Ўтган йили самарқандлик дугонам болаларини олиб келди. Кун бўйи ота-она ишда, болалар уйда қаровсиз. Мактабларга олишмади. 1 йил ҳеч қаерда ўқимаган болалар яна уйга олиб бориб қўйилди. Бундай ҳолга ўнлаб мисол келтириш мумкин.
Аёлларнинг Россияга боришини эса таъқиқлай олмайсиз. Шусиз ҳам у ердаларнинг аксари оиласиз, бева ёки эри ногирон, ишга яроқсиз. Ўзбек оналари бола боқишдан ташқари, қиз чиқариб ўғлини уйлантириш, ўғлига уй қуришга қарашиш учун эса суткалаб оғир шароитларда турли соҳаларда ишлашаяпти.
Аёлларимиз ишлаётган каби заводу фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари юртимизда ҳам кўп. Аммо иш ҳақини ўз вақтида ололмаслик, ёки меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик сабаблари уларни болалари бағридан узилишга мажбур қилмоқда.
“Соғлом бола” Давлат дастурига болаларга оналарини ёнида бўлишини таъминловчи бўлим қўшилса ва натижаси кўринса, миллионлаб болаларнинг қувончини кўрган бўлар эдик.  Масалан, аёллар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ҳисобига уларни ватанда, ўз фарзандлари ёнида қолдириш мумкин.
Дарвоқе,  фақат оналари Россиядаги болаларни мисол қилдим. Улар-ку йилда бир келиб боласидан хабар олар, Корея ёки Америкада ишлаётган оналар ва уларнинг юртимиздаги болалари ҳақида уларни фақат моддий ҳолат овутиб турибди, дея оламан холос...
Гап Россиядаги муҳожирлар ҳақида очилган экан, баъзи таклифларим бор эди. Россияда энг кўп сонли ўзбекистонлик энг ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз ҳамдир. Ўзбекистон аҳолиси иш ўринларига нисбатан анча кўп, иш билан таъминлаш мушкул масала. Шу боис маҳаллий ҳокимият,  ОАВ лари четга чиқувчиларга “ўгайқараш” билдирмай, аксинча, четда ишлаш учун тайёрлов ва тил курслари ташкил этишса, йўриқномалар берилса, маъқул бўларди. Шу ўринда Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан тузган шартномасини эслаш мумкин. Бу амалиёт йиллар давомида ўзини оқлаб келмоқда. Россия билан хам тузилган бундай шартномалар ўз юртдошларимизни  соғ-омон ишлаб қайтишларини таъминлаган бўларди.
Бу йил Россия ҳукумати 600 мингдан зиёд меҳнат муҳожирини мамлакатга киритмади ва киритмасликда, чиқариб юборишда давом этаяпти. Миграцияга оид қонунларни кескинлашиши оқибатида яна минглаб юртдошларимиз ишсиз қолиб ватанга қайтиш эҳтимоли бор.
Савол: Улар шу йил ватанга қайтса, ўртача 6 млн одамга юртимизда иш топиладими?

Ва қайтишгандан кейинги вазиятни тасаввур қилаверинг. Ундан кўра, тайёр иш жойи бор муҳожирларга ватанда руҳан далда берганимиз ва имкон қадар, ҳимоя қилганимиз маъқул эмасми?!

1 комментарий:

  1. Maqolaga gap yo'q, qisqa va lo'nda ekan, shunday yozishda davom eting, faqat bloggerlar chempionati uchun yozmaganligingiz bilinsin, omad tilayman

    ОтветитьУдалить