четверг, 4 апреля 2013 г.

Интернетда ўтириб...


Мусофирлик юракдан ўтар,
Соғинч тилар қалбни беомон.
Ҳижрон тиғи юракка етар,
Хотиралар қийнайди ёмон.


Тонгим қўмсаш, тунларим алам,
Ўкинчлардан юзимни бурдим.
Ёт ерларда ўзга йўқ чорам,
Суҳбатлардан овуниб юрдим.

Соғинчимни нурларга белар,
Юртдошларим меҳри бўлакча.
Мен ўзбекча сўзлагим келар,
Ўз тилимнинг сеҳри бўлакча.

Барисига меҳрим бор азал,
Кўз ўнгимдан ўтар бир-бирин.
Дўстларимнинг суҳбати ғазал,
Яқинларим  дийдори ширин.

Сўзга дилим кетар қоришиб
Сатрлардан меҳрин туяман.
Борган сари кўнглим ёришиб
Суйган сарим яна суяман.

Бир-бирига галини бермай,
Йўқлашади, шукр, тинимсиз
Барчангизни соғиндим бирдай,
Ҳаммангиз ҳам жону дилимсиз.

Юрак юртга талпинган бўлса,
Экранчадан узилмас кўзим.
Мени шундай соғинган бўлса,
Ҳаммангиздан айланай ўзим.

Ёт ерларда чўкардим сизсиз,
Қадрлидир менга ҳар дамлар
Юзда кулгим, қувончим сизсиз
Борингизга шукр, одамлар!

Комментариев нет:

Отправить комментарий